Унда жамият Комплаенс бўлими мутасаддилари Умид Шакиров ва Шуҳрат Айдусовлар ҳамда Қибрай тумани ИИБ ХПБ профилактика инспектори, лейтенант Шахзод Самиевлар иштирок этиб, иштирокчиларга соҳадаги долзарб масалалар юзасидан атрофлича маълумот беришди.
Тадбирда таъкидланганидек, коррупция – мансаб ваколатларидан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш бўлиб, у нафақат иқтисодий зарар келтиради, балки жамият ва ташкилотларга бўлган ишончни издан чиқаради. Шу боис, корхонада шаффофликни таъминлаш, ички назорат механизмларини кучайтириш ва ҳар бир ходимнинг шахсий масъулиятини ошириш орқали коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Комплаенс бўлими масъуллари ўз чиқишларида комплаенс тизими фақат назорат воситаси эмас, балки ишлаш маданияти эканини алоҳида қайд этишди. Яъни, “тўғри иш қилиш – ҳатто ҳеч ким кўрмаётган бўлса ҳам” деган тамойил ҳар бир ходим фаолиятида устувор бўлиши лозимлигига урғу берилди. Таъкидланганидек, коррупция узоқдаги муаммо эмас, балки кундалик қарор ва танловларда намоён бўладиган хавфдир.
Шунингдек, тадбирда ўғрилик, талон-торож ва ўзганинг мулкини ноҳақ ўзлаштириш каби жиноятларнинг ҳуқуқий ва маънавий оқибатлари кенг ёритилди. Қонунчиликка кўра, ҳар қандай мулкни эгасининг розилигисиз олиш жиноят ҳисобланади ва бу каби ҳолатлар учун жарима, мажбурий ишлар, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш каби жазо чоралари қўлланилиши мумкинлиги тушунтирилди.
Мутахассислар томонидан келтирилган мисоллар орқали “арзимас” деб баҳоланган ҳолатлар ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши, ишониб топширилган маблағ ёки мол-мулкдан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш эса ишончга хиёнат экани алоҳида таъкидланди. Бу эса нафақат моддий зарар, балки жамоадаги ўзаро ишончнинг йўқолишига олиб келиши мумкин.

Тадбир давомида иштирокчилар билан мулоқот шаклида фикр алмашиниб, жиноятнинг оғирлик даражаси, унинг инсон келажагига таъсири, судланганлик оқибатлари каби масалалар юзасидан муҳокамалар олиб борилди. Айниқса, профилактика – бундай ҳолатларнинг олдини олишда энг самарали восита экани қайд этилди.
Шунингдек, корхонада ўғрилик ҳолатларининг олдини олиш учун моддий бойликларни аниқ ҳисоб-китоб қилиш, назорат тизимларини такомиллаштириш, ходимларда ҳуқуқий онг ва ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди. Жамоада соғлом муҳит, ўзаро ишонч ва масъулиятни кучайтириш орқали салбий ҳолатларга барҳам бериш мумкинлиги қайд этилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга мурожаат қилинган ҳолда, ҳар бир ходим ўз фаолиятида қонун ва виждонни бирдек устувор қўйиши, ишониб топширилган мулкка эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Мазкур профилактик тадбир “Ўзбекэнерготаъмир” АЖда шаффофлик, адолат ва ишонч муҳитини янада мустаҳкамлаш, коррупция ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Чунки ҳалоллик ва масъулият – барқарор ривожланишнинг энг мустаҳкам пойдеворидир.
“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ Матбуот хизмати