Сайт тест режимида ишламоқда

Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Тош ДУК кўчаси 296-уй info@uzbekenergotamir.uz
Сайт харитаси (1100)(+998 55) 508-89-98

Рақамли трансформация ва самарали бошқарув сари муҳим қадам

36 соатлик дастур доирасида 20 нафар раҳбар ходим замонавий менежмент, стратегик фикрлаш, инновацион технологиялар ва рақамли бошқарув инструментларини чуқур ўзлаштирмоқда. Семинарнинг асосий мақсади — раҳбар кадрларда бошқарув соҳасидаги билим, кўникма ва компетенцияларни мустаҳкамлаш, уларни амалиётга самарали жорий этиш механизмларини ишлаб чиқишдан иборат.

Ўқув-амалий семинарнинг очилиш маросимида Академия раҳбарияти ва жамият раҳбарияти иштирок этди. Унда таъкидланганидек, бугунги кунда энергетика соҳасида рақобатбардошликни таъминлаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва инсон капитали ривожи устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Дастурнинг илк кунлариданоқ тингловчилар замонавий менежмент стратегияси, ривожланган давлатлар тажрибаси, самарали музокаралар олиб бориш технологиялари каби йўналишларда назарий ва амалий билимларга эга бўлмоқда. Хусусан, тренинг форматда ташкил этилган машғулотлар иштирокчиларнинг интерактив иштирокини таъминлаб, реал кейслар асосида қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, жамоани руҳлантириш, рағбатлантириш механизмлари, шахсий ёндашув асосида бошқарув маданиятини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса энерготаъмир тизимида инсон ресурсларини бошқариш сифатини янги босқичга олиб чиқиш имконини беради.

Ўқув дастурида замонавий лойиҳавий бошқарув усулларига ҳам кенг ўрин берилган. Айниқса, “Scrum” методологияси асосида итератив ва инкрементал ёндашув, шаффофлик, мижозга йўналтирилган бошқарув ва бизнес жараёнларини автоматлаштириш масалалари амалиёт билан уйғунлаштирилган ҳолда ўрганилмоқда.

Бу каби инновацион ёндашувлар энерготаъмир тизимида иш жараёнларини оптималлаштириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва лойиҳаларни тезкор амалга ошириш имконини яратади.

Курс доирасида замонавий бошқарув тизимларида сунъий интеллект (СИ) технологияларидан фойдаланиш, маълумотлар таҳлили асосида қарор қабул қилиш, прогнозлаш ва стратегик режалаштириш каби масалалар ҳам чуқур ўрганилмоқда. Компанияни ривожлантиришда сунъий интеллект имкониятларини татбиқ этиш орқали ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш, харажатларни камайтириш ва молиявий барқарорликни таъминлаш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.

Шу билан бирга, замонавий бошқарувда форсайт технологияларидан фойдаланиш, глобал сиёсий ва иқтисодий жараёнларни таҳлил қилиш, рискларни баҳолаш ва узоқ муддатли стратегик қарорлар қабул қилиш кўникмалари ҳам шакллантирилмоқда.

Дастурда давлат фуқаролик хизматида коррупциянинг олдини олиш, шаффофлик ва ҳисобдорлик механизмларини кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида ўрин берилган. Бу йўналиш энерготаъмир тизимида корпоратив бошқарув стандартларини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Олти кунлик ўқув якунида тингловчилар чиқиш тестидан ўтади ҳамда якуний муҳокамаларда ўз фикр-мулоҳазаларини билдиради. Бу эса ўзлаштирилган билимларни баҳолаш ва уларни иш жараёнига жорий этиш бўйича аниқ режаларни белгилаш имконини беради.

Умуман олганда, “Замонавий бошқарув” йўналишидаги мазкур ўқув курслари “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ раҳбар кадрларининг касбий салоҳиятини ошириш, инновацион фикрлашларини ривожлантириш ва энерготаъмир тизимида самарали, рақобатбардош бошқарув моделини шакллантиришга хизмат қилади.

Мазкур ташаббус компанияда стратегик ривожланиш, рақамли трансформация ва инсон капиталига инвестиция киритиш сиёсатининг амалий ифодаси сифатида муҳим аҳамият касб этади.