Сайт тест режимида ишламоқда

Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Тош ДУК кўчаси 296-уй info@uzbekenergotamir.uz
Сайт харитаси (1100)(+998 55) 508-89-98

“ЎЗБЕКЭНЕРГОТАЪМИР” АЖДА ЖАМОА ШАРТНОМАСИ БАЖАРИЛИШИ САРҲИСОБ ҚИЛИНДИ

Мазкур тадбирда жамиятда меҳнат қилиб келаётган 1445 нафар ишчи-ходимлар орасидан сайланган делегатлар, шунингдек, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Нурпеис Бердалиев иштирок этди.

Конференция ишида раёсат таркибига жамият молия бўйича директори Санжар Марасулов ҳамда касаба уюшмаси қўмитаси раиси Эркин Ярмухамедовлар сайланди. Йиғилиш аввалида конференциянинг ишчи органлари шакллантирилиб, Дилноза Турсинбоева котибиятга, Тамара Игамбердиева ва Хамза Қасимовлар саноқ комиссияси таркибига тасдиқланди.

Таъкидланганидек, мазкур конференция Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 79-моддаси талабларига мувофиқ равишда ўтказилиб, унга кўра жамоа шартномасини имзолаган томонлар ҳар йили унинг бажарилиши юзасидан меҳнат жамоаси олдида ҳисобот бериб бориши шарт.

Йиғилиш кун тартибига жамоа шартномасининг 2025 йилда бажарилиши якунлари, тегишли текширув далолатномасини тасдиқлаш, шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда назорат комиссиясини сайлаш масалалари киритилди.

Кун тартибидаги асосий масала юзасидан жамият Бош директорининг ҳисоботи тингланди. Унинг маърузаси жамият ўқув маркази раҳбари Сарвар Умаров томонидан ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, касаба уюшмаси қўмитаси раиси томонидан ҳам жамоа шартномаси ижроси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди.

Ҳисоботда қайд этилганидек, 2025 йилда жамоа шартномаси доирасида белгиланган барча мажбуриятлар тўлиқ бажарилган. Хусусан, корхонанинг иқтисодий кўрсаткичлари барқарор ўсишни намоён этиб, йил якуни бўйича баланс фойдаси 104 миллиард 742 миллион сўмни, соф фойда эса 84 миллиард 969 миллион сўмни ташкил этди.

Меҳнат муносабатлари соҳасида ҳам ижобий натижаларга эришилди. 168 нафар ходим билан меҳнат шартномалари тузилиб, иш ўринлари барқарорлиги таъминланди. Иш вақти ва дам олиш вақтига оид кафолатлар доирасида ходимларга таътиллар бериш учун 16 миллиард 708 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

Иш ҳақи ва моддий рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Корхонада энг кам ойлик иш ҳақи 1-разряд бўйича 1 миллион 681 минг сўм этиб белгиланган бўлса, ўртача иш ҳақи 10 миллион 937 минг сўмни ташкил қилди. Қўшимча ҳақлар, устамалар ва тунги ҳамда байрам кунларидаги меҳнат учун белгиланган тартибда тўловлар амалга оширилди.

Меҳнатни муҳофаза қилиш ва ходимлар соғлиғини асраш борасида ҳам салмоқли ишлар бажарилди. Хусусан, махсус кийим-бош, оёқ кийимлари ва ҳимоя воситалари хариди учун катта ҳажмда маблағ ажратилди. Шунингдек, тиббий кўриклар ташкил қилиниб, ишчилар соғлиғини назорат қилиш тизими мустаҳкамланди.

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари доирасида ходимларга турли ҳолатларда моддий ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, даволаниш, оилавий ҳолатлар, юбилейлар ва бошқа эҳтиёжлар учун миллионлаб сўм маблағлар ажратилди. Айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун ажратилган 2 миллиард 745 миллион сўмлик ёрдам ходимлар фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлди.

Хотин-қизлар ва ёшлар учун яратилган қўшимча имтиёзлар ҳам тўлиқ таъминланди. Аёлларга қўшимча таътиллар, бола парвариши нафақалари ва байрам муносабати билан рағбатлантириш тўловлари ажратилди.

Конференция давомида иштирокчилар жамоа шартномасининг 2025 йилда бажарилиши бўйича тузилган текширув далолатномаси билан таништирилди ва уни тасдиқлаш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, шартномага зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда унинг ижросини мунтазам назорат қилиб борувчи комиссияни шакллантириш бўйича қарорлар қабул қилинди.

Якун сифатида таъкидланганидек, “Ўзбекэнерготаъмир” АЖда жамоа шартномаси ижроси тизимли равишда таъминланиб, меҳнат жамоаси манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш ва ишчи-ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ матбуот хизмати